АБДОМИНАЛ СEМИЗЛИКДА ТЎҒРИ ОВҚАТЛАНИШ ТАРТИБИ

 

Абдоминал семизлик бу бел соҳасидаги ёғлар ҳисобига – аёлларда бел айланасини 80 см дан, эркакларда 94 см дан катта бўлишидир. Бундай инсонларда томирлар атеросклерози, инфаркт ва инсульт, бўлмачалар фибрилляцияси, артериал гипертензия, бепуштлик, саратон касалликлари хавфи юқори бўлади.

Абдоминал семизлик ривожланишининг асосий сабаби бу – истеъмол қилинган овқат билан кирган қувватни сарф қилинадиган қувватдан кўплигидир. Маълумки, инсон ўзининг фаолияти учун овқат орқали қувват олади, агар бу қувват сарфланмаса, истеъмол қилинган овқат ортиқча ёғ тўқимаси кўринишида авваламбор қорин соҳасига йиғилади. Яъни, бу дегани кўп овқат истеъмол қилиб, кам ҳаракат қилиш абдоминал семизликка олиб келади. Шунинг учун, инсон қанчалик кўп қувватли овқатни кўп истеъмол қилса ва овқат таркибида семизликка олиб келувчи моддалар кўп бўлса, у шунчалик кўп жисмоний фаол бўлиб, бу қувватни сарфлаши лозим.

Қорин катта бўлиши, яъни абдоминал семизлик меъёрий тана вазнда ҳам бўлиши мумкин. Овқатланиш одатларига сурункали психоэмоционал стресс хам таъсир қилади, чунки салбий ҳис-туйғулар иштаҳани ошишига сабаб бўлиши мумкин.

Абдоминал семизлик аниқлаш учун ўлчов сантиметр лентасидан фойдаланиш мумкин. Бел айланаси тос суягининг юқори қирраси ва қовурғаларни пастки қирраси ўртасидаги горизонтал чизиғида ўлчанади.

 

Қорни катта инсонларда (абдоминал семизликда) овқатланишнинг асосий қоидалари

  • Ҳар куни 700-800 гр миқдорда хом ҳўлмева, резаворлар ва сабзавотлар истеъмол қилиш, улар инсон танасини озуқа толалари билан таъминлайди. Уларни бутун донли маҳсулотлар (бутун донли буғдой уни, жавдар уни, арпа уни, сули, девзира гуручи, гречка ва бошқалар) орқали ҳам қабул қилиш мумкин.
  • Оқсил манбаи сифатида ёғ даражаси кам сут маҳсулотлари, 2-5%ли творог, тухум оқи, балиқ ва ёғсиз хамда терисиз парранда гўшти ишлатилиши лозим. Бундан ташқари, ўсимлик оқсилларини (дуккаклилар, ясмиқ, ёнғоқ, карам, исмалоқ, брокколи ва бошқалар) хам истеъмол қилиш муҳимдир.
  • Тез ҳазм бўладиган оддий углеводларни камроқ (турли хил ширинликлар, қандолат маҳсулотлари ва ҳоказо), узоқ ҳазм бўлувчи фойдали мураккаб углеводларни (масалан, бутун донлилар ва бошқалар), аксинча кўпроқ истеъмол қилиш тавсия қилинади.
  • Тўйинган ёғлар (ҳайвон ёғлари, трансёғлар) истеъмолини камайтириш ва поли- (зиғир мойи, кунгабоқар мойи, зайтун мойи) ҳамда монотўйинмаган ёғларни сақловчи (седана мойи, зайтун мойи, бодом мойи) истеъмолини эса, аксинча ошириш.

 

Озиқ-овқат махсулотларининг сифат ва миқдорий хусусиятлари

1-гуруҳ - юқори калорияли озиқ-овқат маҳсулотлари (100 граммга 120 ккалдан кўпроқ)

  • Нон маҳсулотлари
  • Қаттиқ пишлоқлар
  • Сариёғ, маргарин
  • Бульон кубиклари
  • Гўштли консервалар (тушенка, балиқ консервалари)
  • Ярим тайёр маҳсулотлар (чучвара, манти, чебуреклар)
  • Сосиска, колбасалар
  • Майонез
  • Сметана, қаймоқ
  • Тайёр пишириқлар (тортлар, вафлилар, круассан, печеньелар)
  • Асал, шоколад
  • Пиццалар, роллар, сушилар, бургерлар, шаурма

 

2 гуруҳ - кам калорияли озиқ-овқат  маҳсулотлари (100 граммга 120 ккалдан камроқ)

  • Бутун донли ёрмалар
  • Сабзавотлар
  • Мевалар
  • Дуккаклилар
  • Ёғсиз, терисиз парранда гўшти
  • Балиқлар, шу қаторда ёғли денгиз балиғи
  • Тухум
  • Творог
  • Оқ шўр бўлмаган пишлоқ
  • Шакар қўшилмаган желе
  • Кисель

 3 гуруҳ - нутритив қиймати юқори бўлган озиқ-овқатлар

  • Кунига 1 ош қошиқ ўсимлик мойлари (кунгабоқар, зайтун мойлари)
  • Кунига 30 гр ёнғоқ ва писталар
  • Кунига 10-15 гр қуритилган мева
  • Кунига ёғлилиги 2,5% гача бўлган 250 мл ачитилган сут маҳсулотлари (кефир, қатиқ)

 

Абдоминал семизликда қўлланадиган озиқ-овқат тўпламлари

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Тавсия қилинади

Тавсия қилинмайди

Нон ва нон маҳсулотлари

Бутун донли ундан тайёрланган нон маҳсулотлари

Оширма хамирдан тайёрланган маҳсулотлар; кремли хамир маҳсулотлар, қатланган хамир, тортлар, вафлилар

Балиқ

Ёғли бўлмаган (масалан, судак ва бошқалар) ва ёғли (масалан, скумбрия ва бошқалар) балиқ

Балиқ консервалари; шўр, дудланган балиқ турлари; балиқ икраси

Гўшт, парранда гўшти, жигар, буйрак ва шунга ўхшаш маҳсулотлар, гўшт-колбаса маҳсулотлари

Қайнатилган ёки димланган кўринишдаги ёғсиз мол гўшти, бузоқ гўшти, парранда гўштларидан қилинган таомлар

Ёғли гўшт; жигар, буйрак ва шунга ўхшаш маҳсулотлар; гўштли консервалар; колбаса ва сосискалар, сарделькалар

Сут маҳсулотлари ва парранда туҳумлари

Тухум, сут, творог, кефир, қатиқ, кам ёғли ацидофил сути, оқ тузсиз пишлоқлар

Сметана, қаймоқ, музқаймоқ, қаттиқ шўр пишлоқлар

 

Сабзавотлар

Ҳар қандай

Консерваланган сабзавотлар, тузламалар

Мевалар

Ҳар қандай

Консерваланган мева ва сабзавотлар

Ёғлар ва мойлар

Қайта ишланмаган ўсимлик ёғлари (кунгабоқар, зиғир, зайтун мойлари ва бошқалар)

Ҳайвон ёғи; маргарин

Ичимликлар

Сув, аччиқ дамланмаган чой, сутли чой; шакарсиз наъматак дамламаси

Аччиқ чой ва қаҳва; алкоголли ичимликлар; мева ва сабзавот шарбатлари

Ёнғоқ, бодом, писта-уруғлар

Ҳар қандай, 30 г/кунига

Шўр ва шакарли ёнғоқлар

 

Қорни катта инсонларда (абдоминал семизлиги бор шахсларда) ёндош касалликлар (ҳафақон (қон босими юқори бўлиши) касаллиги, подагра семизлик, ошқозон-ичак касалликлари, қандли диабет 2-тури) мавжуд бўлганда овқатланиш тартибини шифокор танлаб бериши лозим.