Test mode

Соғлом овқатланиш

Соғлом овқатланиш деганда 2 та йўналиш мавжуд: қайси озиқ-овқат маҳсулотлар истеъмолини кўпайтириш ва қайси озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолини чегаралаш
Истеъмолини ошириш лозим озиқ-овқат маҳсулотлари:
-    Бутун донли ёрмалар
-    Ёнғоқ ва писталар
-    Мева ва сабзавотлар
-    Дуккаклилар
-    Денгиз маҳсулотларидаги омега-3 ёғ кислоталари
-    Сут ва сут маҳсулотлари

Бутун донли ёрмалар

Бутун донли ёрмаларда озуқа толали (клетчатка) кўп сақлангани сабабли, улар соғлиқ учун фойдали ҳисобланади. Озуқа толалари тўйимлилик ғиссини бериб, иштаҳани пасайтиради, ошқозон-ичак фойдали бактериялари учун озуқа манбаи ҳисобланади, ич қотишининг олдини олади, қанд ва холестерин миқдорини камайтиришга ёрдам беради. Озуқа толаларини кунига камида 25-30 грамм истеъмол қилиш тавсия қилинади.
Бутун донли ёрмаларга кепакли ун, жавдар уни, сули, гречка, жигарранг гуруч, маккажўхори, арпа, булгур

Ёнғоқ ва писталар Ёнғоқ ва писталарда (кунгабоқар пистаси, хандон писта, қовоқ уруғи, бодом) политўйинмаган ёғ кислоталари, ўсимлик оқсиллари, озуқа толалари, витамин ва минераллар кўп. Уларни кунига 30-60 грамм истеъмол қилиш тавсия қилинади.
Мева ва сабзавотлар
Мева ва сабзавотларда инсон танаси фаолияти учун керакли бўлган витаминлар, минераллар ва бошқа фойдали моддалар мавжуд бўлиб, тавсияларга кўра инсон кунига камида 400 грамм (5 порция) мева ва сабзавотларни истеъмол қилиши зарур (1 порция - 80 грамм, 1 мушт катталигида).                         Дуккаклилар 
Дуккаклиларда кўп миқдорда ўсимлик оқсиллари, озуқа толалари, витамин ва минераллар мавжуд. Дуккаклиларга мош, ловия, нўхот ва ясмиқ киради.
Денгиз маҳсулотларидаги омега-3 ёғ кислоталари
Омега-3 ёғ кислоталари политўйинмаган ёғ кислоталари қаторига кириб уларнинг истеъмоли юрак-қон томир касалликлари ривожланишини олдини олади ва бош мия фаолиятини яхшилайди.
Сут
Сутда кальций миқдори кўп бўлади, лекин унда тўйинган ёғ кўп бўлганлиги сабабли ёғсиз сут истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Кальцийнинг яна бир манбаи бу оқ седана.
Чеклаш керак бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари:
-    Ош тузи
-    Ишлов берилган гўшт
-    Қизил гўшт 
-    Трансёғлар 
-    Ширин ичимликлар

Ош тузи 
ЖССТ тавсиясига кўра кунлик ош туўи истеъмоли 5 граммдан ошмаслиги керак, бу тепасиз 1 чой қошиғига тўғри келади. Консерваланган гўшт, балиқ ва сабзавотларда ош тузи кўп бўлганлиги сабабли, уларни истеъмоли чегараланиши лозим. Бундан ташқари, тузламаларни ортиқча истеъмол қилиш ва тайёр овқатни қўшимча тузлаш тавсия қилинмайди.
Ишлов берилган гўшт
Колбаса, сосиска, қази, қарта, гўштли рулет каби маҳсулотлар ўзида туз кўп сақлагани учун истеъмоли чегараланиши тавсия қилинади. Бундан ташқари, миллий ишлов берилган гўшт маҳсулотлари қизил гўштдан қилингани ва ўзида тўйинган ёғларни кўп сақлаши сабабли уларни кўп истеъмол қилиш соғлиқ учун зарарли ҳисобланади.
Колбаса, сосискалар ўзида кўп миқдорда соғлиққа зиён қилиши мумкин бўлган консервантлар, ранг берувчи ва бошқа сунъий моддаларни сақлайди.
Қизил гўшт
Қизил гўштда тўйинган ёғлар кўп бўлади ва улар кейинчалик атеросклерозга олиб келиши мумкин. Кундалик ёғ истеъмоли катталар рационидан жой олган маҳсулотлар умумий қувватининг 30 фоизидан (70 грамм) ошмаслиги керак. Қизил гўшт ўрнига кўпроқ оқ гўшт (парранда ва балиқ) истеъмоли тавсия қилинади.
Трансёғлар 
Трансёғлар бу саноат йўли билан ишлаб чиқарилган ёғлар бўлиб, трансёғлар маргарин маҳсулотида кўп сақланади. Трансёғлар истеъмоли кунига 1% дан ошмаслиги керак. Ҳозирги кўп қандолат маҳсулотларини ишлаб чиқаришда маргарин қўлланилади.
    
Ширин ичимликлар
Тоза шакар истеъмоли кунига 25 граммдан ошмаслиги лозим, 25 грамм шакар – 5 дона қанд бўлагига тўғри келади. Кўпчилик замонавий ширин ичимликларда (газланган ва газланмаган) шакр миқдори жуда юқори. Бундан таўқари, кўп озиқ-овқат маҳсулотларида “яширин шакар” бўлади, яъни биз уларни истеъмол қиламиз, лекин ширин мазани сезмаймиз. Буларга, масалан, кетчуп ва тайёр соуслар, ёғсизлантирилган сут маҳсулотлари ва бошқалар киради.