Тириклик рамзи бўлган тоза ҳаво, тоза сув ва тоза муҳит, нафасимиз манбаи бўлмиш яшилликка эътиборли, экологик маданияти юксак, намунали ходимлар ҳар биримизнинг ташкилотимизда топилади. Улар ҳақида ҳамма билишини, яхши амаллар янада ёйилишини истадик.

Доимо, озодалик, дарахтлар кесилишига жонкуяр, турар жой, шаҳар, кўчаларда чиқиндиларнинг ёйилмаслиги, вақтида тозалашларига бош-қош одамлар, ҳовли-кўчасини обод қилиб яшайдиган Инсон номига муносиб кишилар шу саҳифамизнинг қаҳрамонлари бўлишади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 май кунидаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги 184- сонли Қарорнинг 2-иловаси “Йўл харитаси” нинг 53-бандида кўрсатилганидек, бундан буён экология масаласида намунали ходимларимиз, уларнинг мулоҳазаларини саҳифамизда бўлишиб борамиз. Зора, атроф-муҳитимиз, ер, сувимиз, дарахтлар ҳақида қайғурадиган инсонларимиз сафи борган сари ортиб борса.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги саломатлик ва стратегик ривожланиш институти нафақат аҳолига соғлом турмуш тарзи, шахсий ва яшаш муҳитида гигиенага амал қилиш, озодалик ва касалликларнинг олдини олишда экологик тозаликнинг тарғиботи билан шуғулланади, балки бутун институт ходимлари биринчи бўлиб буларга амал қилади.

Кўрганлар биладики, институт ҳовлиси боғни эслатади. Ҳудудга киришингизданоқ, чаман очилган атиргуллар, парвариш қилинган мевали дарахтларнинг обод, қаровли эканини кўрасиз. Райимбой ака боғбонимизнинг қўллари  дард кўрмасин, томорқага ҳам, чаманзорга ҳам биттаям гард, хазон оралатмайдилар.

Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти раҳбарияти – Амрулла Иноятов, Нодира Алихонова ва институт барча ходимларининг саъй- ҳаракати, ҳиссаси билан ҳар йили янги кўчатлар, мевали боғ учун ниҳоллар экилади. Томорқага, ҳатто кичик иссиқхонага савзавотлар, ошкўклар ҳам экилади. Райҳонлар барқ урган, ҳар бири ипга тортилган помидор, булғор кўчатларни кўрсангиз, баҳри билингиз очилади.

4 туп гилос пишганда хонама-хона ходимлар учун гилос териб тарқатишлар қандай файзли! Тушлик пайтлари ошкўклар, гармдоридан баррагина узиб чиқиб салатга қўшиб ейишга нима дейсиз?!

Тўғри овқатланиш, сабзавот ва мева истеъмолини кўпайтиришни тавсия қилувчи ходимлар ўзи бунга амал қилса, айниқса, ҳовлисида етиштириб парваришлашга ҳисса қўшса қандай соз.

Ўзбек халқи азалдан яратувчан, миришкор бўлган. Боғ-роғ кўкартирган, дарахт эккан. Сувини, ерини покиза асраган, чиқиндидан узоқ тутган.

Институт ходимлари – бош ҳисобчи Отабек Маназаров, муҳандис Темур Эргашев, АКТ мутахассиси Ўролбек Маҳманазаровлар “оқ ёқали” хизматчилар бўлса-да, экологиямиз учун ғамхўр, ўз ишхонаси ҳудудини обод, озодалиги учун қайғурадиган ерпарвар, элпарвар йигитлар эканидан хурсандмиз.

Олмаларимиз ҳали кум-кўк, меваси шиғил ҳосилга кирган. Яқин кунларда помидор қизариб пишади, ана ўшанда бошқа экофаол ходимларимиз ҳақида ҳам сўзлаб бераман.

 

 

 

Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти матбуот котиби Мавлуда Тошпўлатова